“Ўзбекистонда олий таълим” журнали таҳририяти кенгаши томонидан “Мақолалар танлови” эълон қилинган эди. Белгиланган муддат якунига қадар журнал ботига жами 70 га яқин мақола келиб тушди. Аммо уларнинг аксарияти танлов талабларига жавоб бермаганлиги учун дастлабки сараловдан ўта олмади. Биринчи босқичда мақолада олиб чиқилган мавзу, унинг танлов талабларига қанчалик жавоб бера олиши эътиборга олинди. Шу ўринда, мақоланинг мавзу қамрови ва структураси бўйича танлов шартларини эслатиб ўтамиз:
- Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари, хусусан, олий таълим мазмунини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, ўқув жараёнларида қўлланиладиган илғор технологиялар, кредит-модуль тизими истиқболлари, илмий тадқиқотларни кучайтириш, “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш, халқаро рейтингларга кириш, халқаро ҳамкорлик ва бошқа муҳим йўналишларга бағишланган бўлиши лозим;
- мақолалар профессор-ўқитувчилар учун фойдали, янги ғояларни ўзида акс эттирган, келгусида методологик манба сифатида фойдаланиладиган даражада бўлиши керак;
- илмий таҳлил ва тугалланган фикрларга асосланган, таҳлилий-танқидий, танланган мавзу бўйича мавжуд муаммолар ечимига оид аниқ амалий таклиф ва тавсиялар билан тақдим этилиши лозим;
- ўзбек, рус ва инглиз тилларидан бирида бўлиши мумкин;
- мақолага қўйилган талаблар асосида шакллантирилиши ва унда мақола муаллифи ҳақида маълумотлар аниқ кўрсатилиши шарт (14 шрифт, 1,15 интервал билан, ҳажман 7 бетдан 10 бетгача бўлиши тавсия қилинади).
Мазкур талаблар асосида тайёрланган 20 та мақола махсус мутахассислардан иборат ҳайъатга тақдим этилди. Ҳайъат хулосасига кўра:
1-ўринга “Ўзбекистонда олий таълимни ривожлантиришга таъсир этувчи омиллар ва уларнинг таҳлили” мақоласи учун Тошкент Давлат иқтисодиёт университети “Инсон ресурсларини бошқариш” кафедраси ассистенти Дилафруз Искандарова;
2-ўринга “PBL стратегияси асосида ўқитиш ва баҳолашни oлий таълим тизимига жорий этиш муаммолари” мақоласи учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси Назокат Юсуфжонова;
3-ўринга “Experience-based study of curriculum and syllabus design Uzbekistan engineering universities” мақоласи учун Навоий вилоятидаги Profi университети ўқитувчиси Гўзал Нурматова лойиқ кўрилди.
Танлов ғолибларини таҳририят кенгаши номидан табриклаймиз!